Klinik ordinatura nizomi

User Rating: 0 / 5

Star inactiveStar inactiveStar inactiveStar inactiveStar inactive

                                                                                                     Вазирлар Маҳкамасининг

2009 йил 18 декабрдаги 319-сон қарорига
2-ИЛОВА

 

Клиник ординатура тўғрисида

НИЗОМ

I. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом тиббий клиник мутахассисликлар бўйича клиник ординатурага қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Клиник ординатура—кадрларни қайта тайёрлаш тизимига кирадиган таълим тури бўлиб врачларнинг узлуксиз касбий таълими кўп поғонали тузилмасининг бир қисми ҳисобланади.

3. Врачларни клиник ординатурада ўқитиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган врачлик мутахассисликлари номенклатураси бўйича, мутахассисга қўйиладиган ихтисослик талаблари асосида тузилган ҳар қайси мутахассислик бўйича ўқув режаси ва ўқув дастурига мувофиқ амалга оширилади.

4. Врачларни клиник ординатурада ўқитишни амалга оширадиган тиббиёт муассасалари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қуйидагилардан келиб чиққан ҳолда белгиланади:

илмий мактабларни шакллантирадиган тегишли юқори малакали илмий-амалий кадрлар потенциалининг мавжудлиги;

юқори технологияли ва малакали тиббий ёрдамни амалга ошириш имконини берадиган моддий-техник базанинг ҳолати;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда тасдиқланган клиник ординаторларни ўқитиш бўйича таълим дастурининг мавжудлиги.

5. Клиник ординатура битирувчиларига ўқиш жараёнида олинган мутахассислик бўйича амалий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи берилади.

II. Клиник ординатурага қабул қилиш

6. Клиник ординатурага таянч олий тиббий маълумот асосида рўйхати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган мутахассисликлар бўйича врачлар, шунингдек илгари клиник ординатурани ёки магистратурани тамомлаган ҳамда ихтисосидан ташқари иккинчи мутахассисликни олишни хоҳлаган мутахассислар қабул қилинади. Врачларни иккинчи тор мутахассислик бўйича клиник ординатурага қабул қилиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

7. Клиник ординатурага қабул қилиш танлов асосида амалга оширилади. Танлов синовлари йилига бир марта, қоидага кўра, августнинг охирги ўн кунлигида ўтказилади.

8. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ҳисобланадиган, бошқа давлатларда тиббиёт олий таълим муассасаларини тугатган врачлар олий тиббий маълумот тўғрисидаги ҳужжати белгиланган тартибда нострификация қилингандан кейин кириш имтиҳонларига қўйилади.

9. Клиник ординатурага тасарруфида даволаш-профилактика муассасалари бўлган бошқа вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг йўлланмаси бўйича ўқишга кирадиган врачлар танлов синовларини муваффақиятли топширгандан кейин пулли-контракт асосида ўқишга қўшимча ўринлар бўйича (таълим/илмий муассасалар кафедралари/бўлимларининг тегишли кадрлар потенциали ва моддий-техник базаси мавжуд бўлган тақдирда) қабул қилинади.

10. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги даволаш-профилактика муассасаларининг мутахассисларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, таълим ва илмий муассасалар, минтақалар бўйича клиник ординатурада ўқитиш учун ўринлар сонини, қабул муддатини, зарур ҳужжатлар рўйхатини, танлов синовларини ўтказиш сони ва шаклини, баҳолаш мезонларини, қабул бўйича ҳисобот шаклларини белгилайди.

Бюджет маблағлари ҳисобидан врачларни клиник ординатурада ўқитиш ўринлари сони тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш учун давлат бюджетининг ҳар йилги назарда тутиладиган молиялаштириш ҳажми доирасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

11. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги клиник ординатурага қабулни ўтказиш учун республика оммавий ахборот воситаларида танлов эълон қилади, аризалар бериш муддати эълон чоп этилган кундан бошлаб камида 30 кундан иборат қилиб белгиланади.

12. Таълим муассасасининг раҳбари тиббий олий таълим муассасасининг ректори (проректори) ёки тиббий илмий муассасасининг директори (ўринбосари) раислигида қабул комиссиясини ташкил этади ва унинг таркибини тасдиқлайди. Қабул комиссияси таркибига турли клиник мутахассисликлар бўйича етакчи олимлар киради.

13. Клиник ординатурага қабул қилиш комиссиясининг масъул котиби лавозимига номзодлар ҳар йили муқобил асосда тасдиқлаш учун муассасалар томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига май ойининг биринчи ўн кунлигидан кечикмай киритилади. Комиссиянинг масъул котиби янги муддатга, лекин кўпи билан қаторасига икки йил тайинланиши мумкин.

14. Клиник ординаторларни тайёрловчи муассасалар клиник ординатурага кириш истагини билдирган танловда иштирок этувчи врачларнинг рўйхатини ҳужжатлар қабули тугаллангандан сўнг, танлов синовлари бошлангунга қадар, белгиланган шакл бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этиши керак.

15. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан клиник ординатурага кириш учун мақсадли (иш берувчи — ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари ёки бошқа муассасалар, таълим берувчи муассаса клиник ординатор билан танловдан ўтгандан кейин уч томонлама шартнома тузилади) ва умумий танлов асосида эркин ўринлар (шартнома тузмасдан) ажратилади. Мақсадли ўқитишга танлов асосида олиш мутахассисликлар бўйича ажратилган ўринларга мувофиқ, кейин ҳудудий принципдан келиб чиққан ҳолда — республиканинг битта минтақасида яшайдиган (ёки кейинчалик ишга жойлаштирилишини хоҳловчи) талабгорлар ўртасида амалга оширилади. Танлов якунларига кўра тўлмаган битта мутахассисликлар бўйича мақсадли ўринлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан, кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда, бошқа минтақалар учун қайта тақсимланади.

16. Клиник ординатурага кириш учун бир вақтнинг ўзида бир нечта муассасада танловда қатнашиш тақиқланади.

17. Тўпланган баллар рейтинги бўйича танловдан ўтган (бунда шахс мумкин бўлган энг юқори балларнинг камида 30 фоизини тўплаши керак) ва ўқиш пулини тўлаган (тўлов-контракт шакл учун) шахслар клиник ординатурага қабул қилиниш ҳуқуқига эгадирлар.

Мақсадли ўринлар бўйича, шу жумладан тасарруфида даволаш-профилактика муассасалари мавжуд бўлган бошқа вазирликлар, идоралар, ташкилотлар йўлланмаси бўйича қўшимча ўринларга ўқишга қабул қилиш, кўрсатиб ўтилган шартлардан ташқари, ўқиш тугагач ишга жойлаштириш ва кейинчалик уч йил ишлаб бериш юзасидан уч томонлама (ўқитадиган муассаса, клиник ординатор — ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармаси /вазирлик/идора/ташкилот) шартнома тузилгандан кейин амалга оширилади.

18. Қорақалпоғистон Республикасида ва вилоятларда доимий яшайдиган, Тошкент шаҳри муассасаларидаги клиник ординатурага кириш учун танловда иштирок этган ва синовлар натижасида юқори балл тўплаган врачлар ўз хоҳишига кўра ва қабул қилувчи таълим муассасасида тегишли кадрлар потенциали ҳамда замонавий моддий-техник ускуналар мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўқиш учун бошқа минтақанинг тегишли тиббиёт олий таълим муассасаларига ўтказилиши мумкин.

19. Клиник ординатурада ўқишга талабгорларнинг, танловда қатнашган ва синовлар натижаларига рози бўлмаганларнинг аризалари (аризаларни бериш муддатлари — натижалар эълон қилингандан кейин уч кун мобайнида) апелляция комиссияси томонидан кўриб чиқилади (кўриб чиқиш муддати — ариза берилгандан кейин 24 соат мобайнида). Апелляция комиссияси муассаса раҳбарининг буйруғи асосида ташкил этилади. Апелляция комиссияси таркибига соҳа йўналиши бўйича етакчи мутахассислар жалб этилади. Талабгор апелляция комиссияси қарорига рози бўлмаган тақдирда ушбу қарор юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.

20. Танлов комиссиясининг хулосаси асосида клиник ординатурага қабул қилиш муассаса раҳбарининг буйруғи билан ҳар йили 10 сентябргача амалга оширилади.

Минтақаларнинг у ёки бу мутахассис врачларга бўлган эҳтиёжига кўра Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ўқитадиган муассасанинг кадрлар потенциалини ва моддий-техник базасини ҳисобга олган ҳолда, клиник ординатурага тўлов-контракт асосида ўқитиш учун қўшимча ўринлар ажратиши мумкин.

Қабул қилиш тугаллангач муассаса раҳбарлари 10 сентябргача Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига клиник ординатурага врачлар қабули тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган шакл бўйича ҳисобот тақдим этадилар.

III. Ўқитиш учун тўловни амалга ошириш

21. Тўлов-контракт шакли бўйича ўқитиш тўловининг миқдори Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади. Ҳар бир ўқув йили учун тўлов таълим мутахассислиги бўйича алоҳида, бир нафар ўқувчи ҳисобига харажатларни тўлиқ қоплаш миқдорида белгиланади.

Ўқитиш тўловини унга ҳар ойда тўланадиган стипендияни қўшмасдан ва ҳар ойлик стипендия миқдорини тўламасдан тўлашга йўл қўйилади, бунда ушбу ўқитиш шартлари контрактда кўрсатилади.

Энг кам ойлик иш ҳақи миқдори ўзгарган тақдирда тегишли равишда қолган ўқитиш вақти учун тўлов суммаси ҳам ўзгаради. Бунда контрактларга тегишли қўшимчалар киритилади.

22. Ўқитиш учун тўлов жисмоний ёки юридик шахс томонидан тўлиқ ёки қисман бўлиб-бўлиб (белгиланган сумманинг камида 50 фоизи миқдорида), лекин контрактда белгиланган муддатларда йилига кўпи билан 2 марта тўланади.

Тўлов-контракт бўйича ўқитиш қийматини бюджет маблағлари ҳисобига тўлашга йўл қўйилмайди.

Клиник ординатурада ўқиётган врачларга муассаса томонидан тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича тариф сеткасининг 6-разряди бўйича, тоифасиз мутахассис врачнинг тариф ставкаси миқдорида стипендия тўланади.

IV. Клиник ординатурада ўқув жараёнини ташкил этиш

23. Клиник ординатурада ўқитиш кундузги шаклда, асосий иш жойидан ажралган ҳолда амалга оширилади. Ўқитиш муддати, қоидага кўра, камида икки йилни ташкил қилади ва мутахассиснинг малака тавсифномасини ҳисобга олган ҳолда тузилган ўқув дастури билан белгиланади. Клиник ординатурадаги ўқиш муддати мутахассислик бўйича врачлик меҳнат стажига қўшилади.

24. Клиник ординатурада ўқитиш муддати клиник ординаторларни тайёрлашни амалга оширувчи муассаса раҳбарининг буйруғи билан қонун ҳужжатларига мувофиқ, ҳомиладорлик, туғруқ ва чақалоқни парвариш қилиш бўйича таътил вақтига, захирадаги ҳарбий хизматчининг ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан, шунингдек тиббиёт муассасаларининг тегишли хулосалари мавжуд бўлган тақдирда ординаторнинг касаллик даврига узайтирилиши мумкин. Кўрсатиб ўтилган ҳолатлар бўйча ректор (директор)нинг буйруғи билан, белгиланган тартибда академик таътил расмийлаштирилади.

Бунда академик таътил вақти учун стипендиялар тўлаш, клиник ординаторга раҳбарлик қилганлик учун тўлов, ўқитиш бўйича бошқа харажатлар тўхтатиб турилади. Ижтимоий нафақалар тўлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Ўқишга тиклангандан кейин клиник ординаторлар таълим дастурининг ўзлаштирилмаган бўлимлари бўйича ўқишни давом эттирадилар.

25. Бошқа минтақалардан келган ҳамда олий таълим муассасалари ва Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг клиник ординатурасига кирган врачлар белгиланган тартибда яшаш жойлари билан таъминланадилар. Тиббиёт илмий-тадқиқот институтлари, ихтисослаштирилган ва илмий-амалий марказлар талабалар ва тингловчилар учун ётоқхоналарга эга бўлган олий таълим муассасаси ёки Тошкент врачлар малакасини ошириш институти билан тузилган шартнома асосида ўзларида ўқиётган клиник ординаторларни яшаш жойлари билан таъминлайдилар.

26. Ўқишга қабул қилингандан кейин 1 ой мобайнида машғулотларга кирмаган ёки машғулотларга 1 ойдан ортиқ қатнашмаган, ярим йиллик ёки йиллик аттестациядан ўтмаган, контракт пулини ўз вақтида тўламаган, шунингдек якка тартибда тайёрланиш режаларини белгиланган муддатларда бажармаган шахслар кафедра (бўлим, лаборатория ва шу кабилар) мудирининг тақдимномасига асосан муассаса раҳбарининг буйруғи билан клиник ординатурадан ўқишдан чиқарилади. Ўқитишнинг биринчи йилида кўрсатиб ўтилган сабаблар бўйича клиник ординатурадан четлатилган шахслар ўқишга қайта тикланмайди. Ўқитишнинг иккинчи йилида ўқишдан четлатилган клиник ординаторлар янги ўқув йилидан бошлаб тўлов-контракт асосида ўқишга тикланадилар.

27. Клиник ординатурада ўқиётган шахслар муассасанинг ички тартиб-қоидаларини бузган, аттестацияда ўрганилаётган мутахассисликка номувофиқ деб эътироф этилган (касби бўйича лаёқатсиз бўлган), шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда машғулотлардан четлаштирилиши мумкин. Кўрсатиб ўтилган сабабларга кўра клиник ординатурадан четлаштирилган шахслар ўқишга қайта тикланмайди, лекин клиник ординатурага кириш учун танловда такроран қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар, касби бўйича лаёқатсизлиги сабабли четлаштирилган ҳолларда эса — фақат бошқа мутахассисликлар бўйича қатнашиш ҳуқуқига эга.

28. Клиник ординаторларни бир муассасадан бошқасига ўтказишга айнан шу мутахассислик бўйича, ярим йиллик ёки йиллик аттестациядан муваффақиятли ўтгандан кейин ва ўқитиш учун ўринлар бўлган тақдирда муассасаларнинг раҳбарлари розилиги асосида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг рухсати бўйича йўл қўйилади.

Ўзбекистон Республикасидаги олий тиббиёт таълим муассасасини тамомлаган, бошқа мамлакатлар муассасасидаги клиник ординатурага ўқишга кирган ва ўқишни Ўзбекистон Республикасининг тиббиёт муассасаларида давом эттириш истагини билдирган шахсларга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқловчи ҳужжатлар (ўқишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруқнинг ва ўқиш юзасидан шартноманинг нусхалари, назарий билимлар ва амалий кўникмаларни ўзлаштириш даражасига доир ижобий баҳолар, бошқа мамлакатдаги таълим олинаётган муассасанинг илтимосномаси) асосида ўтишга рухсат беради. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳисобланадиган, бошқа мамлакатларнинг тиббиёт олий таълим муассасаларини тугатган ва ушбу мамлакатларнинг клиник ординатурасига кирган врачлар Ўзбекистон Республикасининг тиббиёт муассасаларига ўтказилишда, юқорида санаб ўтилган тасдиқловчи ҳужжатлардан ташқари, олий тиббий маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг нострификацияси тўғрисидаги гувоҳномани ҳам тақдим этишлари керак.

29. Клиник ординаторлар ўқитиш вақтида врачлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларни бажаришга жалб этилиши мумкин эмас, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

30. Ўқитишнинг иккинчи йилидаги клиник ординаторлар соҳа мутахассислиги бўйича касбий фаолиятни бажариш учун минтақаларга 30 кунгача муддат билан хизмат сафарига юборилиши мумкин.

31. Клиник ординаторларни тайёрлаш муассасанинг Илмий кенгаши тайинлайдиган малакали мутахассислар (профессор, доцент ва илмий муассасаларнинг уларга тенглаштирилган лавозими) раҳбарлигида якка тартибдаги режа бўйича амалга оширилади.

32. Клиник ординаторни тайёрлашнинг якка тартибдаги режаси:

таълим дастурига ва мутахассиснинг малака тавсифномасига мувофиқ билимлар ва кўникмаларни ўзлаштиришга йўналтирилган бўлиши керак;

даволаш-профилактика муассасаларининг соҳа бўйича бўлимларида мутахассисликнинг асосий ва ёндош бўлимларини босқичма-босқич ўзлаштиришни (ротация) ҳисобга олган ҳолда тузилиши лозим;

кадрлар буюртмачисининг ва ўқитилаётганнинг хоҳишига кўра мутахассисликнинг у ёки бу бўлимлари чуқур ўрганилишини ҳисобга олган ҳолда тузилиши мумкин;

мутахассисликнинг бўлимлари бўйича назарий тайёрланишнинг муддатларини, мавзуларини ва назорат қилиш турини, ўзлаштирилиши керак бўлган амалий кўникмалар ва малакалар рўйхатини, турлари ва сонини ҳамда мутахассислик бўлимлари бўйича амалда бажарилган мустақил ишларни (рефератлар, шарҳлар, презентациялар ва шу кабиларни) акс эттиради;

кафедра (бўлим, лаборатория ва шу кабилар) мажлисида муҳокама қилинади ва тузатишлар киритилгандан кейин кафедра (бўлим, лаборатория ва шу кабилар) раҳбари томонидан врач клиник ординатурага қабул қилинган кундан бошлаб 1 ойдан кечикмай тасдиқланади.

Клиник ординаторни тайёрлашнинг якка тартибдаги режасида шунингдек профессор ва доцентлар томонидан беморларни кўздан кечиришдаги иштирок этиш, уларнинг лекцияларида қатнашиш, поликлиника, стационар, даволаш, ташхис хоналари, бўлимлар ва шу кабиларда мустақил равишда бажарилган амалий ишлар ҳажмининг бажарилиши ҳам акс этган бўлиши керак.

Клиник ординаторни тайёрлашнинг якка тартибдаги режасида асосий ва ёндош мутахассисликлар бўлимлари ва ёндош фанлар бўйича синов имтиҳонларини топшириш назарда тутилади.

Клиник ординаторни тайёрлашнинг якка тартибдаги режаси шакли Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

33. Клиник ординаторларнинг билимлари ва кўникмалари ҳажмини кенгайтириш мақсадида улар клиник ординаторни тайёрлашнинг якка тартибдаги режасидан ташқари амалга ошириладиган илмий ишларни бажаришга (рефератлар, мавзули таҳлиллар ва адабиётлар шарҳини тузиш, тиббий амалиётдаги баъзи қоидаларни ёритиш, конференцияларда маърузалар қилиш, янги дори-дармонларни клиник синовдан ўтказиш ва шу кабиларга) жалб этилиши мумкин.

34. Клиник ординаторнинг энг юқори юкламаси тегишли мутахассислик врачи ойлик юкламасидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Бундан ташқари, клиник ординатор мустақил ишларни бажаради. Мустақил ишларни бажариш вақтининг ҳажмига унинг раҳбари томонидан белгиланадиган бўлимлардаги жадвал бўйича бир ойдаги бепул мажбурий иккита тунги (кечки) навбатчилик киритилади.

35. Ўқув юкламасининг умумий ҳажми қуйидаги тарзда тақсимланади:

тайёрлаш вақтининг 80 фоизгачаси — асосий ва ёндош мутахассисликларни ўрганишга ажратилади;

20 фоизгачаси — ёндош фанларни (патанатомия, патофизиология, клиник фармакология ва бошқаларни) ўрганишга ажратилади. Клиник ординатор томонидан ўрганиш учун мажбурий бўлган ёндош мутахассисликлар ва фанлар рўйхати уларни тайёрлашнинг ўқув дастурларида назарда тутилади.

Қўшимча фанлар (хорижий тиллар, компьютер курслари ва бошқалар) мустақил тайёрланиш соатлари ҳажмига факультатив машғулотлар тарзида клиник ординаторларни тайёрлаш ўқув дастурига киритилиши мумкин.

36. Бир нафар клиник ординаторга раҳбарлик қилганлик учун илмий раҳбарга илмий муассасалар харажатларининг бюджет сметаларида назарда тутилган маблағлар доирасида, шунингдек клиник ординаторларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар ҳисобига ҳар йили 25 соат ҳисобидан соатбай ҳақ тўланади.

Олий таълим муассасаларида ва малака ошириш институтларида илмий раҳбарнинг клиник ординаторлар билан олиб борадиган ишлари уларнинг ўқув юкламасига ҳисобланади ва бир нафар клиник ординатор учун йилига 25 соат ҳисобидан ҳақ тўланади.

Клиник ординаторларнинг илмий раҳбарларини рағбатлантириш муассасанинг Илмий кенгаши қарорига кўра клиник ординаторларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

37. Ўқув йили мобайнида ярим йиллик, йиллик (ўқитишнинг биринчи йили тугагач) ва якуний аттестация ўтказиш назарда тутилади. Етакчи олимлардан (ярим йиллик, йиллик ва якуний аттестация) ҳамда кадрлар буюртмачиси вакилларидан (якуний аттестация) иборат бўладиган аттестация комиссияси таркиби муассаса раҳбарининг буйруғи билан тасдиқланади, комиссия раиси этиб илмий ишлар бўйича проректор (директор ўринбосари) тайинланади.

38. Ўқитиш жараёнида клиник ординаторлар билимлари ва малакасини баҳолашда 100 балли баҳолаш тизими қўлланади. Бунда назорат қилишнинг қуйидаги турлари назарда тутилади:

ички назорат (мутахассислик ва ёндош фанлар бўлимлари бўйича билимлар ва кўникмаларни баҳолаш);

ярим йиллик, йиллик (ўқитишнинг ҳар бир семестри охирида) ва якуний аттестация;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалга ошириладиган ташқи назорат (назорат тадбирлари режаси бўйича ва режадан ташқари таълим фаолиятини мониторинг ва назорат қилиш) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан амалга ошириладиган ташқи назорат (муассасаларни белгиланган тартибда аттестациядан ўтказиш ва аккредитация қилиш).

39. Клиник ординатор, унинг амалга оширган ишлари тўғрисидаги ҳисоботи кафедра мажлисида маъқуллангандан кейин, ярим йиллик, йиллик ва якуний аттестацияга қўйилади. Ҳисобот кафедра (бўлим, лаборатория ва шу кабилар) раҳбари томонидан тасдиқланади ва аттестация комиссиясига тақдим этилади.

Аттестацияни ўтказиш тартиби (ҳисобот ҳужжатлари рўйхати, ўтказиш шакли ва муддатлари, олинган билимлар ва кўникмаларни назорат қилиш турлари) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

40. Жорий ўқув йилидаги ўқитиш дастури тугаллангандан кейин, аттестация натижаларига мувофиқ, билимлар ва кўникмаларнинг рейтинг назоратини ҳисобга олган ҳолда, аттестация комиссияси томонидан клиник ординаторларни навбатдаги курсга ўтказиш, ўқишдан четлаштириш ёки клиник ординатурани тугатганлик тўғрисида қарор қабул қилинади.

Клиник ординаторнинг тайёргарлик даражасини баҳолаш ва якуний аттестация комиссиясининг қарори муассасанинг Илмий кенгашида ўқиб эшиттирилади.

41. Клиник ординатурада мутахассислар тайёрлаш сифати, уларнинг амалий соғлиқни сақлаш барча бўғинларида мустақил равишда ишлашга тайёрлиги учун жавобгарлик муассасалар ва кафедралар (бўлимлар, лабораториялар ва шу кабилар) раҳбарлари зиммасига юкланади.

42. Клиник ординатурани муваффақиятли тугатган шахсларга ушбу Низомга иловага мувофиқ гувоҳнома белгиланган тартибда берилади, у олинган врачлик мутахассислиги бўйича касбий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини беради. Гувоҳномада мутахассисликни ўзлаштириш даражасининг ўртача умумий баҳоси кўрсатилади.

43. Ўқитишнинг иккинчи йилидаги таълим дастурини муваффақиятли ўзлаштирган клиник ординаторлар раҳбарларининг ёзма тавсияномаси асосида меҳнат шартномаси бўйича соҳа бўлимларида тунги навбатчилик қилиш ёки ўқишдан ташқари вақтда мутахассислиги бўйича ишлаш ҳуқуқига эгадирлар. Бунда ўриндошлик бўйича ишлаш клиник ординаторнинг якка тартибдаги режасини бажаришга салбий таъсир кўрсатмаслиги керак.

V. Клиник ординатура битирувчиларини ишга жойлаштириш

44. Мақсадли клиник ординатурага қабул қилинган врачлар ўқиш тугагач ҳудудий соғлиқни сақлашни бошқариш органлари (тасарруфида даволаш-профилактика муассасалари мавжуд бўлган вазирликлар, идоралар, ташкилотлар) ихтиёрига уч йил ишлаб бериш шартнома шартларини бажариш учун қайтиб келишлари шарт.

45. Мақсадли клиник ординатурага киришда врачлар билан контракт тузган ҳудудий соғлиқни сақлашни бошқариш органлари (тасарруфида даволаш-профилактика муассасалари мавжуд бўлган вазирликлар, идоралар, ташкилотлар) ўқитиш муддати тугагач уларни олинган мутахассисликка мувофиқ бўлган лавозимга доимий ишга жойлаштириши ва тайёрланган мутахассис ишга жойлашган муассасанинг жойи тўғрисида ёзма тарзда маълум қилиши шарт.

Давлат гранти асосида олий таълим муассасасини тугатган битирувчилар ҳам эркин умумий танлов бўйича (уч томонлама шартнома тузмасдан) клиник ординатурага кирган тақдирда ўқишни тугатгандан кейин, олинган мутахассислик бўйича тақсимотга мувофиқ, олий таълим муассасаси йўлланмаси бўйича уч йил ишлаб бериши шарт.

46. Эркин танлов бўйича тўлов-контракт асосида клиник ординатурага кирган ва бакалавриатда ўқишни тугатгандан кейин тақсимот бўйича давлат олдида мажбуриятга эга бўлмаган врачлар клиник ординатурада ўқишни тугатгач мустақил равишда, шу жумладан соғлиқни сақлаш хусусий сектори юридик шахслари билан меҳнат шартномаси бўйича ишга жойлашиш ҳуқуқига эгадирлар.

47. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассисларга бўлган эҳтиёж бўйича маълумотлар базасини шакллантиради ва клиник ординатура битирувчиларини ишга жойлаштириш мониторингини олиб боради.