БУХОРО ДАВЛАТ ТИББИЁТ ИНСТИТУТЛАРИ РЕКТОРЛАРИ ҲАҚИДА МАЪЛУМОТ

User Rating: 0 / 5

Star inactiveStar inactiveStar inactiveStar inactiveStar inactive

БУХОРО ДАВЛАТ ТИББИЁТ ИНСТИТУТЛАРИ РЕКТОРЛАРИ ҲАҚИДА МАЪЛУМОТ

***

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 1990 йил   11 октябрдаги 1052-рақамли буйруғига асосан  янги барпо қилинган  бу олий билим юрти даргоҳи – Бухоро давлат тиббиёт институтининг  биринчи  ректори этиб,  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, тиббиёт фанлари доктори, профессор Акрам Ибрагимович Мўминов тайинланди. Фаолияти давомида Акрам Ибрагимович эндигина очилган олийгоҳнинг мустаҳкам илдиз отишига беқиёс хизмат қилди. Дунёга машҳур олим ватандошимиз Иброҳим Мўминовнинг фарзанди бўлган бундай буюк шахсни институтда ҳамма яхши хотиралар билан эслайди.

 

***

1995-1996 йилларда  қисқа муддатда институт ректори вазифасида ишлаган яна бир ажойиб инсон Р.Омировдир. Тиббиёт фанлари доктори, профессор Рауф Юлдошевич Омиров фаолияти давомида олийгоҳда таълим-тарбия ишларини такомиллаштиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди ва бир қанча шогирдларни тайёрлади.

***

1996 йилда институт ректори лавозимига мазкур олий таълим даргоҳида илмий ишлар проректори ҳамда “Факультет ва госпитал хирургия” кафедраси мудири  лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган Раҳмат Маҳмудович Ахмедов ректор этиб тайинланди ва ушбу нуфузли лавозимда 2012 йилга қадар самарали меҳнат қилди. Институт салоҳиятини янада юқорига кўтаришга ўз ҳиссасини қўшди.

         Профессор Р.М.Ахмедов раҳбарлигида ўтган давр мобайнида кафедра ходимлари томонидан 7 та номзодлик ва 1 та докторлик диссертацияси ҳимоя қилинди. 3 та номзодлик иши ҳимояга тайёрланди ва илмий изланишлар узлуксиз давом эттирилди. 2011 йилнинг март ойида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ҳайъат йиғилиши ҳам видеоконференция сифатида институт “Масофадан ўқитиш маркази”да ўтказилганлиги бу тизимнинг анча ривожланганлиги ва унинг афзаллигидан далолат беради. Марказ ёрдамида ҳозирги кунда дунёда кенг тарқалаётган телемедицина имкониятларидан фойдаланиб, беморларни диагностика қилиш ва даволаш ишлари йўлга қўйилди. Олий таълим даргоҳида ўн беш йилдан ортиқ раҳбарлик қилган олим жамоанинг чексиз ҳурматини қозонди. Ҳозирги кунга қадар институтда ишлаб келаётган Р.М.Ахмедов бир қанча шогирдлар тайёрлашда давом этмоқда. 

***

2012 йил институтга тиббиёт фанлари доктори Тоҳир Аскарович Аскаров ректор этиб тайинланди. Мазкур лавозимда 2017 йилнинг апрель ойига қадар ишлаган Т.А.Аскаров фаолият юргизган даврда институт талабалари бир қанча фан олимпиадаларида юқори ютуларга эришишди. Мамлакатнинг олий органи ҳисобланган Ўзбекитон Республикаси Президенти девонида раҳбарлик маҳоратини оширган олим институтда 2013-2014 ўқув йилидан бошлаб магистратура таълими тиббиётнинг 4 йўналиши бўйича ташкил этди. 2016 йилда 2 нафар, 2017 йилда бир нафар докторлик диссертацияси ҳимоя қилинди. Бир қанча халқаро даражадаги анжуманлар ўтказилди.  Тоҳир Аскаров фаолиятининг таҳсинга сазовор томони деб шубҳасиз Бухоро шахрида институтнинг янги биноси учун жой ажратилганлиги ва 2018 йилда фойдаланишга топшириладиган мазкур бинога тамал тошини қўйгани ҳам айтишимиз мумкин.

***

2017 йил июнь ойида тиббиёт фанлари доктори Иноятов Амрилло Шодиевич ректор этиб тайинланди. А.Иноятов институтнинг халқаро алоқаларини ривожлантириш учун хорижий олий ўқув юртлари билан шартномалар имзоланишига эришмоқда. Бухоро давлат тиббиёт институти  Ўзбекистондаги тиббиёт олий ўқув юртлари орасида ўз муносиб ўрнини эгаллаб бормоқда.